Ўзбекистон сўз эркинлиги соҳасида 180 мамлакат орасида 166- ўринни эгаллади

Бош қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” эълон қилган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон сўз эркинлиги аҳволи энг абгор мамлакатлар қаторидан ўрин олиб, дунёнинг 180 мамлакати ичида 166- ўринни эгаллади.

Қиёслаш учун: Қозоғистон 160-, Туркманистон 178-, Тожикистон 150-, Қирғизистон 85- ўринда.

Ҳисоботда айтилишича, минтақа мамлакатлари орасида Тожикистон сўнгги бир йил ичида сўз эркинлиги билан боғлиқ аҳвол фавқулодда ночорлаб кетган давлатдир: бир йил муқаддам бу мамлакат 116- ўринда эди.

Шимолий Кореядан тортиб, Туркманистон ва Эритрея каби мамлакатларни қамраб олган ҳисоботда АҚШ бир йил аввалги 49- индан 41- ўринга кўтарилгани, Россия эса, 4 поғона пасайиб, 152- ўринга тушиб қолгани акс этган.

"Чегара билмас мухбирлар" ўз ҳисоботини тайёрлашда социологлар, юристлар ва журналистлар орасида ўтказилган сўровларга ҳам таянган. Сўз эркинлиги мавжуд мамлакатлар қаторига Финляндия, Нидерландия ва Норвегия кирган.