Карачидаги ҳужумда етти полициячи ҳалок бўлди

Карачидаги ҳужумда ҳалок бўлган полициячиларнинг жасадлари.

Покистоннинг Карачи шаҳрида жангарилар ҳужуми оқибатида полиомиелитга қарши эмлаш маркази ходимлари хавфсизлиги таъминлаб турган камида 7 нафар полициячи ўлдирилди. Синд вилояти расмийлари полициячиларга қарата икки жойдан ўт очилганини маълум қилганлар. Маълумотларга кўра, 10 чоғли жангари аввалига йўл бўйидаги уч полициячини отиб ўлдирган, кейин эса ичида тўрт ходим бўлган полиция машинасига ҳужум қилган.

Озодликнинг Покистондаги мухбири ярадорлар маҳаллий шифохонага оғир аҳволда етказилгани ва ўша ерда жон берганини хабар қилди. Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч қайси гуруҳ зиммасига олгани йўқ.

Аввал “Ал-Қоида”га алоқадор жангарилар полиомиелитга қарши эмлаш кампаниясида иштирок этаётган тиббиётларга ҳужумлар уюштирган.