БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Азимжон Асқаров озод этилишини талаб қилмоқда

Азимжон Асқаров қамоқхонадаги хонасида.

БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Ўш воқеаларида айбланиб бир умрга қамалган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров қамоқдан бўшатилиши ва оқланиши кераклиги ҳақида баёнот тарқатди.

21 апрель куни тарқатилган баёнотда: “Сиёсий фаол ва журналист Азимжон Асқаров тез орада қамоқдан бўшатилиши лозим, чунки у ноқонуний қамалган, жуда оғир шароитларда сақланган, қийноқларга ва ноинсоний муносабатга дучор этилган ва суд жараёнида ўзини етарли даражада ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум этилган”,- деб билдирилади.

Азимжон Асқаров 2010 йилда Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб қўлга олинган эди. Халқаро ҳамжамият Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини билдириб келади.

2015 йилда Асқаровга АҚШнинг “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” мукофоти топширилган. Бу ҳолат Бишкек расмийларининг норозилигига сабаб бўлган. Асқаровга мукофот берилиши ортидан Қирғизистон ҳукумати АҚШ билан ҳамкорлик шартномасини бекор қилган эди.