Уч ойда бозорлардаги 8,4 миллиард сўмлик товар мусодара қилинди

Солиқ ходимлари томонидан ўтказилаётган рейдлар натижасида жорий йилнинг уч ойи давомида мамлакат бозорларидаги жами 8,4 миллиард сўмлик товар мусодара қилинди. Жумладан, 272,1 миллион сўмлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ноқонуний савдога қўйилганлик важидан олиб қўйилган.

Давлат солиқ қўмитаси маълумотига кўра, солиқчилар уч ой давомида жами 2772 та рейд ўтказиб, бозорлардаги ноқонуний савдога оид ҳолатларни текширган.

Ушбу рейдлар Давлат солиқ қўмитасининг Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилмоқда.

Ўтказилган рейдлар давомида 30та ҳолатда ўз вақтида банкка пул топширмаслик, 61та ҳолатда пул ундириб патта ёки чек бермаслик аниқланган. Шунингдек, 25та ҳолатда тўлов терминалларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, 13 ҳолатда юридик ва жисмоний шахсларга объектларни ижара шартномаси тузмасдан бериш каби қоидабузарликлар аниқланган.

P.S. Солиқчиларнинг ушбу рейдларига тушган ва товарларидан айрилган тадбиркорлар бўлса, Озодликка мурожаат қилишларини сўраймиз.