Қирғиз фаоллари Ўш милициясини судга берди

“Бир дунё Қирғизистон” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Ўш шаҳар милициясини судга берди. Бунга ҳайдовчилар учун жарима пулларини электрон карточкалар орқали тўлаш қоидалари ёзилган ўзбек тилидаги маълумот китобчаларининг милиция томонидан олиб қўйилиши сабаб бўлган. Ўш шаҳар милицияси эса китобчалар тил комиссияси текширувидан ўтгач қайтариб берилишини айтмоқда.

- Биз маълимот вароқлари ва брошураларни олиб қўйган терговчи устидан Ўш шаҳар судига даъво аризаси бердик. Келаси ҳафтада суд бўлиши мумкин. Асосий даъвойимизнинг бири, бу ўзбек тилида маълумот олишни таъқиқлаб, тил бўйича камситти, деган даъвони қўйдик – дейди “Бир дунё Қирғизистон” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти вакили Хусанбой Солиев.

Сўнгги бир ойдан бери “Бир дунё Қирғизистон” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти хайдовчиларга пост терминаллари орқали жарима пулларини тўлаш қонун қоидалари, ва бошқа ҳақ ҳуқуқлар тўғрисида китобча ва варақаларни қирғиз, рус ва ўзбек тилларида нашир эттириб республиканинг бутун ҳудуди бўйича тарқатиб келган. Бироқ Ўш шаҳар милицияси “Хайдовчига эслатма” деб номланган бу китоб ва маълумот варақаларини ўзбек тилидаги нусхасини олиб қўйган.

“Бир дунё Қирғизистон” ташкилоти раҳбари Тўлейқан Исмаилова, ДАН ҳодимлари орасида порахўрликни йўқ қилиш лойиҳасига милиция нима учун қаршилик қилаётганини тушунмаётганини айтади:

- Бу ҳол Қирғизистон қонунларини бузишдир ва бу жуда аянчли. Негаки ДАНни реформа қилганда биз ҳукукмат билан ҳам бирга ишладик. Энг асосийси, бу порахўрликка қарши қадам эди. Билимсиз ёки тушунмай қолган хайдовчиларни ушлаб олиб ўз чўнтагини тўлдирган ДАН амалдорларига қарши қонунлар ишлаши керак. Шу сабабли ўзбек тилидаги “Ақилли хайдовчи” деган материалларни бизга берилиши ва уларни одамларга тарқатишимиз керак, -дейди Тўлейқан Исмаилова.

Ўш шаҳар милицияси хайдовчилар учун мўлжалланган “Ақилли хайдовчи” китопчаларини олиб қўйганини инкор қилмайди. Милицияга кўра, бу китоб ва маълумот вароқчаларида давлат яхлитлигига тахдид келтирувчи сўзлар бўлиши ҳам мумкин.

Ўш шаҳар Милицияси Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқовга кўра, бу китобчалар айнан хавфсизлик масалалари сабабли олинган ва Ўш шаҳар мэриясининг тил комиссиясига экспертизага юборилган.

- Китоб ўзбек тилида ёзилиб, фақат ўзбеклар истиқомат қилувчи ҳудудларда тарқатилаётгани сабабли унда давлат хавфсизлигига тъсир этувчи адабиётлар бўлиши мумкин деган шубҳада, олдини олиш мақсадида биз булар тарқатаётган материалларни олиб, бугунги кунда Ўш шаҳар мэрияси қошидаги тил комиссиясига ўтказиб бердик. Материал ўзбек тилида бўлгани учун уни қанчалик сифатли ёзилган, бизнинг қонунларимиз ва талабларимизга жавоб берадими, бермайдими шуни текшириш ниятидаги олдик. Бундан катта масала кўтаришнинг хожати йўқ, - дейди Замир Сидиқов.