Арманистон ва Озарбайжон бир бирини сулҳ битимини бузганликда айбламоқда

Тоғли Қорабоғ. Арман ҳарбийлари.

Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон ҳарбийлари якшанбага ўтар кечаси Арманистон ҳудудидини 18 марта ўққа тутганини маълум қилди.

Бундан аввалроқ эса Озарбайжон томони арман ҳарбийлари сўнгги 24 соат ичида ўқ отишни тўхтатиш битимини 108 марта бузганини билдирган эди.

Хабарда айтилишича, Арманистон ҳарбийлари озарбайжон позицияларини Арманистон ва “Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудларидан” туриб, пулемётлар, минемётлар ва танклар билан ўққа тутган.

Озарбайжон мудофаа вазирлигининг билдиришича, арман ҳарбийлари якшанбага ўтар кечаси Тоғли Қорабоғ ҳудудида танк ҳужуми уюштиришга ҳаракат қилган. Вазирлик баёнотида озарбайжон ҳарбийлари бу ҳужумни қайтаргани ва арманларнинг бир танкини йўқ қилгани айтилади.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Тоғли Қорабоғ ҳудуди бўйича апрель ойининг бошларида бир неча кунлик уруш бўлиб ўтган эди. 5 апрель куни томонлар ўқ отишни тўхтатиш битимига эришган.