Обама Сурияга қўшимча 250 ҳарбийни жўнатишга қарор қилди

АҚШ Президенти Барак Обама

АҚШ Президенти Барак Обама Сурияда “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашаётган маҳаллий кучларга кўмаклашиш мақсадида қўшимча 250 нафар ҳарбий мутахассисни жўнатишга қарор қилди.

АҚШ расмийларига кўра, Обама бу ҳақда 25 апрель куни Германияда расман эълон қилади. “Исломий давлат”га қарши кураш АҚШ президентининг Саудия Арабистони, Британия ва Германияни ўз ичига олган бир ҳафталик хорижий сафари диққат марказида бўлди.

Мазкур қарор фуқаролар уруши гирдобида қолган мамлакатда АҚШ ҳарбий ҳозирлиги кўламини сезиларли тарзда оширади. Сурияда ҳозирги пайтда махсус операциялар бўйича 50ка яқин мутахассис бор.

250 ҳарбийнинг неча нафари махсус кучларга доир бўлиши ҳозирча маълум эмас. Обаманинг қўшимча ҳарбийларни жўнатиш тўғрисидаги қарори ҳақида дастлаб 24 апрель куни “The Wall Street Journal” газетаси хабар қилди.

“Исломий давлат” экстремист гуруҳи Ироқнинг Мосул ва Суриянинг Раққа шаҳарларни босиб олган. Шу пайтгача салоҳиятли таҳдид эканини кўрсатиб келаётган гуруҳ Париж ва Брюсселдаги йирик хуружлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган.