Афғон президенти Покистонни Толибонга қарши курашишга чақирди

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани Покистонни Толибонни тинчлик музокараларига жалб этишдан кўра, унга қарши курашга чақирди.

Ғани 25 апрель куни парламентдаги чиқишида ана шундай баёнот қилди. Ўтган ҳафта бошида Толибон ҳаракатининг Кобулдаги ҳужуми оқибатида 64 киши ҳалок бўлиб, 340дан ошиқ одам жароҳатланган эди.

Ғани Исломободдан Афғонистондаги Толибонни тинчлик музокараларига жалб этишини истмаслиги, балки жангари ҳаракатнинг “Покистонда жойлашган етакчиларига қарши ҳужум бошлашини” исташини билдирди.

Афғонистон расмийлари Покистонни ўз ҳудудида жойлашган афғон толибларига қарши чора кўрмаётганликда айблаб келади.

Афғонистон, Покистон, Хитой ва АҚШ Кобул билан Толибон ўртасида тинчлик музокараларни қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда, лекин бирор натижага эриша олгани йўқ.