Суриянинг Ҳалаб ва Хомс шаҳарларида ҳалокатли вазият юзага келди

Ҳалабда бомбардимондан кейинги вазият.

БМТнинг Суриядаги гуманитар ишчи гуруҳи раҳбари Ян Егланд Ҳалаб ва Хомс шаҳарларида сўнгги 24 соат ичида юзага келган вазиятни "ўта ҳалокатли", деб баҳолади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Сурия обсерваториясининг маълумотларига кўра, 28 апрель куни кечга яқин Ҳалаб шаҳрининг бомбардимон қилиниши оқибатида яна камда 20 одам ҳалок бўлган. Бир сутка ичида бу шаҳарда бомбардимонлардан ҳалок бўлганлар сони 61 кишига етган.

Ҳалабда президент Башар Ассадга содиқ кучлар ҳамда исёнчилар ўртасидаги жанглар 22 апрелдан қайта бошланган эди.

Ўтган бир ҳафта ичида жангларда ҳалок бўлганлар сони 150 кишидан ортган.

Айрим хабарларда Ҳалабда Башар Ассадга содиқ кучларни Россия ҳарбий учувчилари ҳаводан туриб қўллаб-қувватлаётгани айтилмоқда.