Эрон БМТ Бош котибини АҚШга таъсир ўтказишга чақирди

Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф.

Эрон БМТдан АҚШ Олий судининг Теҳронга тегишли банк ҳисоб рақамларида музлатилган пуллардан 2 миллиард долларини террор жабрдийдаларига товон пули сифатида тўлаш ҳақидаги қарорини бекор қилишда кўмак сўради.

Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф БМТ Бош котиби Бан Ки Мунга ёзган макутбида АҚШнинг бу қадами давлат иммунитетига таҳдид қилиш сифатида баҳоланиши мумкинлигини билдирди.

Зариф, шунингдек, БМТдан АҚШдаги банкларда музлатиб қўйилган Эрон маблағларини озод қилишда кўмак беришни илтимос қилди.

“Аслида Қўшма Штатлар Эронга қарши олиб борган сиёсати учун эронликларга товон пули тўлаши керак эди”, деб ёзган Зариф ўз мактубида.

1979 йилда Эронда амалга оширилган инқилоб пайтида АҚШнинг Теҳрондаги элчихонаси эгаллаб олинган. Бир йил ўтиб АҚШ ва Эрон ўртасида дипломатик алоқалар узилган.

АҚШ Олий суди элчихонани эгаллаш пайтида ҳалок бўлган ва жабрланган америкаликларга товон пули тўлаш ҳақида қарор чиқарган эди.

Эрон ядровий дастурини ишлаб чиқа бошлагини ортидан халқаро ҳамжамият Теҳронга нисбатан санкциялар жорий қилган ва Эронга тегишли банк ҳисобларини музлатиб қўйган эди.

Ўтган йилнинг ёзида Эрон ядровий дастурини чеклашга рози бўлганидан сўнг халқаро шартнома имзоланган ҳамда бу мамлакатга қарши бир қатор санкциялар бекор қилинган.