Хадича Исмоиловага БМТ мукофоти топширилади

Хадича Исмоилова.

Озарбайжонда қамоқ жазосини ўтаётган Хадича Исмоилова “мураккаб шароитда матбуот эркинлигига қўшган улкан ҳиссаси учун” БМТнинг оммавий ахборот воситалари соҳасидаги мукофотига лойиқ топилди.

Озодликнинг озарий хизмати ходимаси Хадича Исмоилова матбуот эркинлигига қўшган ҳиссаси учун ЮНЕСКОнинг Гильермо Кано мукофотига ўтган ой сазовор бўлганди. Бу мукофотни топшириш маросими 3 май куни Финляндияда ўтказилади.

25 минг долларлик мазкур мукофотга 1986 йили Боготада ўлдириб кетилган колумбиялик журналист Гильермо Кано Исаза номи берилган.

Озарбайжон ҳукуматидаги коррупция ва президент Илҳом Алиев оиласига тааллуқли бизнес ҳақида қатор журналистик текширувлар олиб борган Хадича Исмоилова 2015 йилнинг сентябрида Боку суди томонидан етти ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Ҳуқуқ фаоллари Исмоиловага нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини билдириб келмоқда.