Одессада гранаталар топилди

Одессадаги полициячилар, 2016 йил 2 майи.

Украинанинг Одесса шаҳрида полициячилар муқаддам россияпараст ва украинапараст намойишчиларнинг икки йил аввалги тўқнашувида 48 киши ҳалок бўлганига бағишлаб ўтказилажак хотира маросими арафасида учта қўл гранатаси топганлар.

Одессанинг Куликов майдони ва Касаба уюшмалари уйи атрофидаги ўтиш жойлари миналаштирилгани ҳақида аноним қўнғироқ орқали маълум бўлгани айтилмоқда.

Кейинроқ гул, плакат ва қурбонларнинг портретларини кўтарган 500 дан зиёд одам металл қидирув олдидан ўтказилган. Полиция намойишчиларни Касаба уюшмалари уйи томон ўтказмаслиги маълум бўлгач, улар ўша ернинг ўзида осмонга қора пуфаклар ва оқ каптарлар учирганлар.

Ҳозирда 2014 йил 2 майида содир бўлган тўқнашувда айбланмиш 20 нафар одессалик устидан маҳкама бормоқда.