Қамоқдаги журналист Хадижа Исмоиловага ЮНЕСКО мукофоти топширилди

Хадижа Исмоилова.

Қамоқда сақланаётган озарбайжонлик журналист Хадижа Исмоиловага 3 май куни топширилган ЮНЕСКОнинг Гилерьмо Кано мукофотини журналистнинг онаси Элмира Исмоилова Финландияда қабул қилиб олди.

“Журналистлар жим турса инсоният азоб чекади. Шунинг учун ҳам журналистларнинг ўлдирилиши инсониятга қарши жиноят ҳисобланади”, деди мукофотни қабул қилиб олаётиб Элмира Исмоилова.

Пул миқдорида 25 минг долларга тенг бўлган Гилерьмо Кано мукофоти 3 май - Халқаро сўз эркинлиги кунида оғир шароитларда сўз эркинлигини ривожлантиришга ҳисса қўшган журналистларга берилади. Гилерьмо Кано колумбиялик журналист бўлиб, у 1986 йилда Боготада ўлдириб кетилган эди.

Озодлик радиосининг озарбайжон хизмати журналисти бўлган Хадижа Исмоилова президент Илҳом Алиев ва унинг яқинларининг коррупцияга аралашгани тўғрисидаги мақолалари ортидан иқтисодий жиноятларда айбланиб 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.