Ханнес Хансо: Россия самолётлари Эстония чегарасини бузмоқда

Болтиқ денгизи узра парвоз қилаётган Россия ҳарбий самолёти.

Россия ҳарбий самолётлари мунтазам равишда Эстония чегарасини бузмоқда. Бу ҳақда 3 май куни Эстония мудофаа вазири Ханнес Хансо Франция пойтахти Парижга қилган расмий сафари пайтида маълум қилди.

Хансонинг билдиришича, рус ҳарбий самолётларининг чегараларни бузиши оқибатида йўловчиларни ташувчи самолёт билан тўқнашув рўй бериши мумкин.

“Ҳарбий самолёт билан йўловчи ташувчи самолётнинг тўқнашувини тасаввур қилинг. Ақли расо давлатлар бу каби ҳаракатларни амалга оширмайди. Россиянинг бу ҳаракатини фитна, деб баҳолаш мумкин”, деди Эстония мудофаа вазири.

Франция мудофаа вазири Жан Ив ле Дриан сешанба куни Хансо билан учрашувда Франция Болтиқбўйи давлатлари хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшишга тайёр эканини маълум қилди.

Эстония ва Франция мудофаа вазирлари кибер хавфсизлик масаласи юзасидан техник шартномани имзолади. Бунгача Франция фақат Британия ва АҚШ билан кибер хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик шартномасини имзолаган эди.