Еврокомиссия муҳожирларни қабул қилмаган мамлакатларга жарима солишни таклиф қилмоқда

Австрияга борган муҳожирлар (иллюстратив сурат).

Еврокомиссия Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар зиммасига қочқинлар оқими кўп бўлган бошқа мамлакатлардан бошпана сўраб келганларни қабул қилиш мажбуриятини юклаш ёки бундан бош тортган мамлакатларга катта миқдорда жарима солишни тавсия қилди.

Бу таклифга Европа Иттифоқининг муҳожирларни тенг тақсимлаш ҳаракатларига қарши чиқаётган Польша, Венгрия ва Чехия расмийлари дарҳол эътироз билдирдилар.

Ўтган йили минтақага, шу жумладан, Юнонистонга миллиондан зиёд киши қочқин бўлиб келганидан кейин муҳожирларга Европа Иттифоқининг биринчи давлатидан бошпана сўраш мажбуриятини юкловчи “Дублин қоидалари” моҳиятан ўз кучини йўқотган.

Қочқинлар оқимига дош беролмаган Афина уларни Европа Иттифоқининг бойроқ мамлакатларига, хусусан, Германия ва Швецияга кетишига изн берган. Пировардида оралиқда жойлашган давлатлар қийин аҳвол қолди, бу эса Шенген ҳудудида чегара назорати тикланишига олиб келган.