НАТО: Ал-Қойда Толибон салоҳиятини оширишда кўмаклашмоқда

Ал-Қойда гуруҳи Афғонистондаги Толибон ҳаракати билан ҳамкорликни кучайтириб, ҳукумат кучларига қарши ҳужумлар кўламини ошириши мумкин, дея баён қилди 5 май куни НАТО матбуот вакили.

“Алоҳида куч сифатида улар Афғонистон ҳукуматига жиддий таҳдид туғдиради, дея ҳисобламаймиз”, деди бригада генерали Чарлз Кливлэнд. “Ал-Қойда Толибон билдан яқиндан ишлай бошлаётгани боис, улар Толибонга ҳужумлар кўламини ошириш воситаси сифатида хизмат қилиши мумкин”, дея қўшимча қилди у.

Ўтган йилнинг куз ойларида Ал-Қойда гуруҳи етакчиси Айман аз-Заваҳирий Толибоннинг янги етакчиси Мулла Ахтар Мансурни ёқлашини эълон қилган эди.

Генерал Кливлэнднинг айтишича, бу икки гуруҳ ўртасида “ўша пайтдан бери ҳамкорлик ошгани кузатилмоқда”. Унинг тахмин қилишича, Афғонистонда Ал-Қойданинг 100дан 300 нафаргача жангариси бор. “Уларнинг салоҳияти сезиларли тарзда заифлаштирилган бўлса-да, тез орада фаоллашиш имкониятини сақлаб қолмоқда ва шу боис ҳамон таҳдид туғдириши мумкин”, деди НАТО вакили.

Генерал шунингдек, Толибон ҳам жорий йилда қорадори ҳосилидан тушадиган даромад туфайли салоҳияти ошиши мумкинлигидан огоҳлантирди.