Япония бош вазири Путин билан Курил ороллари масаласини муҳокама қилади

Япония Бош вазири Шинзо Абе

Япония Бош вазири Шинзо Абе 6 май куни Сочида Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиб, Курил ороллари масаласини муҳокама қилади. Совет қўшинлари Иккинчи Жаҳон уруши охирида Курил оролларини босиб олгани Токио-Москва муносабатлари ривожланишига тўсқинлик қилади. Курил ороллари тортишуви икки томон ўртасида расман урушни тўхтатиш битими тузилгани йўқ.

“Бу мураккаб, кўпқиррали масала ва фақатгина иккала тарафга мақбул тарзда, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш орқали ҳал этилиши мумкин”, деди Путиннинг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков.

Кремль матбуот вакили Дмитрий Песков Сочи сўзлашувларида “дарҳол жиддий натижалар”га эришиш эҳтимолдан йироқ, Лекин Москва “конструктив руҳдаги ўзаро муносабатлар” ўрнатилишидан умидвор, дея баён қилди.

Россиянинг Украинага нисбатан агрессияси боис Ғарб давлатлари Москвага жорий этган санкцияларга Япония ҳам қўшилгани икки мамлкат муносабатларини янада таранглаштирган.

Япония матбуотининг хабар қилишича, АҚШ Президенти Барак Обама шу йил бошроғида Ғарб давлатларининг Москвани яккалаб қўйиш уринишларига путур етказмаслик учун Япония раҳбаридан Россияга сафар қилиш режаларидан воз кечишни сўраган. Лекин бош вазир Абе Европа ва АҚШ етакчилари санкцияларга қарамасдан Москва билан мулоқотни сақлаб қолаётгани, у ҳам ана шу йўлдан боришини айтган.

Путин ўтган ойда қилган чиқишида Абенинг “ҳамкорлар, хусусан Қўшма Штатлар босимига қарамасдан” Россияга ташриф буюриш истагини юқори баҳолашини таъкидлади.