Покистонда рашкчи эр хотини, онаси ва синглисини отиб қўйди

Покистонлик аёллар.

Покистонда 11 май куни хотини, онаси ва синглисини бошқа эркаклар билан алоқа қилганликда гумонлаб, отиб ташлаган шахс қидирилмоқда.

Полиция мазкур шахс қотилликни икки шериги ёрдамида амалга оширган, деб ҳисобламоқда. Воқеа Панжоб вилоятининг Файсалобод шаҳрида содир этилган.

Маҳаллий полициянинг билдиришича, қотиллар воқеа жойидан қочишга улгурган. Айни пайтда уларни қидириб топиш бўйича амалиётлар ўтказилмоқда.

Покистонда аёлларни ўзга эркаклар билан алоқа қилганликда гумонлаб ўлдириш ҳолатлари тез-тез содир этилади.

Ўтган ҳафтада полиция Абботобод шаҳрида севган йигити билан турмуш қуриш учун қочиб кетишга ҳаракат қилган қизни ўлдиргани учун 10 кишини қамоққа олган эди.