Қирғизистонда мухолифат лидерлари қамоққа олинди

“Қирғизистон халқ парламенти” мухолифат ҳаракатининг лидери Бекболот Талгарбеков (ўртада) матбуот анжумани пайтида.

Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати “Халқ парламенти” мухолифат ҳаракатининг уч лидерини давлат тўнтаришига уринишда гумонлаб қамоққа олди.

Хабарларда айтилишича, ҳокимиятни зўрлик билан босиб олиш моддаси билан айбланаётган Бекболот Талгарбеков, Тўрабой Колубаев ва Марат Султановларнинг уйларида тинтув ўтказилган.

12 май куни “Халқ парламенти” ҳаракатининг йиғилиши бўлиб ўтган эди. Йиғилишда мухолифатчилар 17 майгача президент Алмазбек Атамбаевнинг истеъфога чиқишини талаб қилган. Мухолифатчилар ўз талаблари бажарилмаса мамлакат бўйлаб норозилик митинглари уюштиришларини эълон қилганлар.Шунингдек, “Халқ парламенти” лидерлари уларни “Россия қўллаб-қувватлаши”ни ҳам алоҳида таъкидлаган эдилар.