564 миллионни ўмарган “Халқ банки” раҳбари, ажрашишларнинг асосий сабаби

“GM Uzbekistan” таъминот тизими директори ўринбосари 70 га яқин фуқарони чув туширди. Бухорода коллежни тугатмай оила қураётган ёшларнинг тўйи тўхтатилди. “Халқ банки”нинг Қашқадарё вилояти раҳбари 564 миллион сўмлик кредитни ўмарди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“GM Uzbekistan” ширкати таъминот тизими директори ўринбосари 70 га яқин фуқарони чув туширди”

“GM Uzbekistan” компанияси таъминот тизими директори ўринбосари Равшан Искандаров автомобиль олиб бериш ваъдаси билан 68 нафар фуқарони чув туширди (“Ҳуқуқ”, 12 май).

Р.Искандаров 2012-2014 йилларда турли русумдаги автомобилларни маълум вақтда олиб бераман дея, фуқаролардан қарийб 667 минг доллар ва 65,1 миллион сўм маблағ йиққан.

Бу борада унга тўрт марта судланган таниши Зайнобиддин Низомов кўмаклашган. Аммо йиғилган пуллар ўзлаштирилиб, ваъда бажарилмаган.

Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Анжидон вилоят суди судланувчиларга жазо муқаррарлигини таъминлаган.

“Ўзбекистонда ажрашишларнинг деярли ярми эр-хотин характери тўғри келмагани боис рўй бермоқда”

Ўзбекистонда 2015 йилда қайд этилган ажрашишларнинг 46 фоизи эр-хотин характерининг тўғри келмагани оқибатида рўй берган (“Оила даврасида”, 12 май).

Шу билан бирга, ўзаро тушунмовчиликлар (36,5 фоиз), гиёҳвандлик моддалари истеъмол қилиш (1,9 фоиз), спиртли ичимликлар ичиш (3,8 фоиз), фарзандсизлик (1,9 фоиз) ва рашк (1,9 фоиз) ҳам оилалар бузилишига сабаб бўлмоқда.

Ажрашаётганларнинг аксари 1-4 йилгача (32,7 фоиз) ва 5-9 йилгача (31 фоиз) яшаган оилалардир. Шунингдек, ажрашаётганларнинг 61,5 фоизи битта, 26,9 фоизи иккита фарзандли экани қайд этилган.

“Халқ банки”нинг Қашқадарё вилояти раҳбари бошчилигида жиноий гуруҳ 564 миллион сўмлик кредитни ўмарди”

“Халқ банки”нинг Қашқадарё вилояти раҳбари Юсуф Арзиқулов бошчилигидаги жиноий гуруҳ молиявий найранглар воситасида 564 миллион сўмлик кредитни ўзлаштиргани фош қилинди (“Даракчи”, 12 май).

Мазкур жиноий ишда вилоят филиали раҳбарига унинг муовини Собир Искандаров, оперцион бўлим бошлиғи Ёқубжон Мамашоев, кредит бўлими бошлиғи Ҳамза Назаров ва бошқалар ёрдам берган, молиявий найрангларда жами 20 дан ошиқ шахс ва ўнлаб фирма қатнашган.

Жиноий тўда таниш-билишлар орқали ўнлаб фуқароларнинг паспортини қўлга киритиб, улар номига кредит расмийлаштирган. Маҳалла раислари банкирларга кредит расмийлаштирилаётган фуқароларнинг кам таъминлангани ҳақидаги сохта маълумотномаларни “қарсиллатиб ёзиб берган”.

Шу тариқа 222 киши ўзи билмаган ҳолда банкдан қарздор бўлиб қолган. Шу билан бирга, “Халқ банки” вилоят филиали раҳбари Ю.Арзиқулов 17 миллиард сўмдан ошиқ лизинг битимларини ноқонуний расмийлаштиришга ҳам бош-қош бўлган.

Қайд этилишича, жиноий гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олинди ва суд жараёнида барча айбига иқрор бўлди.