Украинада Қрим татарлари оммавий депортацияси қурбонлари хотирланмоқда

Украинада собиқ совет диктатори Иосиф Сталин буйруғига кўра амалга оширилган Қрим татарлари депортацияси қурбонлари хотирланмоқда. 1944 йил 18 май куни 200 мингдан ошиқ татар аҳолиси Қримдан мажбуран кўчирилиб Марказий Осиё, асосан собиқ Ўзбекистон ССРнинг чекка қишлоқларига олиб бориб ташланган.

Чоршанба куни тушда бутун Украина бўйлаб қурбонлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақланди. Лекин Россия томонидан аннексия қилинган Қримда Сталин депортацияси қурбонларини хотирлаш маросими ўтказилмади. Москва ҳукумати 2014 йил ярим оролни Украинадан тортиб олиши ортидан бу санани хотирлашни тақиқлаб қўйган.

2015 йилда Украина парламенти 18 май кунини Қрим татарлари геноциди қурбонларини хотирлаш куни сифатида нишонлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилган.

Қрим минтақаси пойтахти Симферополда 18 май куни номаълум кишилар Сталинни хотирловчи ёдгорликка пуштиранг бўёқни сепиб кетди.

1944 йил 18 май куни бошланган оммавйи депортация пайтида минглаб одам йўлда нобуд бўлган.