Меҳнат вазирлиги тўрт ой ичида 76¸7 минг ўзбекистонликка иш топиб берганини иддао қилди

Ишсизликдан қочган аксар ўзбекистонликлар учун Россия асосий меҳнат бозорига айланган.

19 май куни ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Меҳнат вазири ўринбосари Баҳодир Низомов келтирган рақамларга кўра¸

2016 йил январь-апрель ойларида 193 та туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат этган 76,7 минг нафар фуқаро ишга жойлаштирилган.

Вазирлик эълон қилган ҳисоботга кўра¸ 42,2 минг нафар фуқаро вақтинчалик бир марталик ишларга жалб қилинган.

Тўрт ой давомида иш қидираётган фуқаролар учун мақбул иш қидириш муддатини қисқартириш мақсадида 383 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилган ва уларда 162,2 минг иш берувчи вакиллари ва 78,9 минг нафар иш қидираётган фуқаролар қатнашган.

Ярмаркалар натижасига кўра 13 минг нафар шахс ишга йўлланма олган, 37,9 минг нафар фаол иш қидираётганларга меҳнат, бандлик ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳат берилган.

Расмий статистикага кўра¸ 2015 йилги ишсизлик даражаси 5¸2 фоизни ташкил этган.

Халқаро ишсизлик даражасини ўрганувчи Trading Economics таҳлил марказига кўра¸ Ўзбекистонда жорий ишсизлик даражаси 10¸7 фоизни ташкил этади.

Мустақил кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистон аҳолисининг аксар ишга яроқли қисми асосан Россияда меҳнат муҳожиратида юрганига қарамай¸ мамлакатдаги ишсизлик даражаси расмий рақамлардан ўнлаб марта каттадир.