Покистон АҚШга норозилик билдирди

Толибон раҳбари Мулло Ахтар Мансур.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги якшанба куни АҚШнинг мамлакат ҳудудида толибларга қарши ўткизган ҳаво ҳужумига норозилик билдирди.

Покистон томонининг билдиришича, АҚШ ҳаво ҳужуми уюштирилиши ҳақида мамлакат бош вазири Навоз Шариф олдиндан огоҳлантирган эмас.

Учувчисиз бошқариладиган учоқлар ҳужумларни якунлаганидан сўнггина бу ҳақда бош вазир ва ҳарбий раҳбариятга маълумот берилган.

Покистон шундан келиб чиққан ҳолда АҚШ ҳужуми давлат суверенитетини бузиш бўлди, деб ҳисоблашини билдирган.

Аввалроқ Афғонистон расмийлари АҚШ томонидан 21 май куни Покистоннинг Балужистон вилоятига уюштирилган ҳужумда Толибон раҳбари Мулло Ахтар Мансур ҳалок бўлганини хабар қилган эди. Бироқ АҚШ томони бу маълумотни ҳозирча тўлиқ тасдиқлаган эмас.