Пентагон Толибон лидери АҚШ қўшинларига таҳдиди туфайли ўлдирилганини билдирди

Ичида мулла Ахтар Мансур бўлгани айтилаётган автомобиль, Белужистон, 2016 йил 22 майи.

Пентагон Толибон лидери мулла Ахтар Мансур 21 май куни учувчисиз учоқдан нишонга олиниб, ўлдирилгани, чунки у АҚШ ва Афғонистондаги коалиция қўшинлари учун конкрет хавф туғдира бошлагани ҳақида баёнот берди.

Пентагон мулозими Жефф Дэвис душанба кунги чиқишида Покистоннинг Белужистон вилоятида Ахтар Мансурга қилинган ҳужум АҚШ қуролли кучлари қоидаларига мувофиқ равишда амалга оширилганини билдирди. Бу қоидалар АҚШ қуролли кучларига Қўшма Штатлар ва коалиция ходимларига таҳдид солган кишиларга қарши мудофаа зарбаларини беришга имкон беради.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳужумни ўз суверенитетининг бузилиши ўлароқ баҳолаб, Қўшма Штатлар Исломободни ҳужум ҳақида огоҳлантирмагани учун танқид қилди.

Аввалроқ Толибон лидери ўлдирилганини тасдиқлаган АҚШ президенти Барак Обама бу ҳодисанинг Афғонистонда тинчликни таъминлаш уринишларида “муҳим марра” бўлишини урғулаганди.