Антибиотикка чидамли бактерия топилди

АҚШда илк бор антибиотикларнинг энг сўнгги авлодига ҳам чидамли бўлган бактерия топилди.

Америка шифокорлари "супербактерия" деб атаётган ушбу бактерия Пенсилванияда яшовчи 49 яшар аёл организмида топилган бўлиб, унга колистин умуман таъсир қилмаяпти.

Касалликка чалинган бу аёл 6 ой давомида Америкадан ташқарига чиқмаган. Шунинг учун олимлар ушбу бактериянинг "ватани" АҚШ деган қарорга келишган.

Олимлар яқин келажакда антибиотиклар таъсир қилмайдиган бошқа кўплаб бактериялар пайдо бўлишидан хавотир билдираяпти.

“Ушбу ҳолат антибиотиклар умри тугаганини ва тезкор терапия бўлимларида даволанаётган беморларимизга антибиотиклар топа олмайдиган вазиятга тушиб қолишимиз мумкинлигидан дарак бераяпти”, дейди АҚШдаги Касалликлар олдини олиш ва назорат қилиш маркази раҳбари Том Фриден матбуотга берган интервьюсида.