Суриядаги ҳаво зарбаларида камида 14 киши нобуд бўлди

Ҳаво зарбалари нишонига айланган Идлиб шаҳрининг мавзеларидан бири.

Суриянинг исёнчилар томонидан назорат қилинаётган Идлиб шаҳрига берилган ҳаво зарбалари натижасида камида 14 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам яраланди, дея маълум қилди Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси сешанба куни.

Ташкилот хабарномасида шаҳарнинг касалхона жойлашган мавзе дохил бир неча жойи камида етти марта ҳаводан нишонга олингани айтилади.

Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси мазкур зарбалар Россия учоқлари томонидан берилганини тахмин қилади.

Маҳаллий мувофиқлаштирувчи қўмиталар вакиллари касалхонага берилган зарба натижасида ўнга яқин одам ўлганини айтмоқдалар. Шаҳарнинг бошқа жойларида ўлганлар сонига эса улар аниқлик киритмаганлар.

Ўтган чоршанба Россия Сурия режимини дастаклаш мақсадида амалга оширилаётган ҳаво зарбаларини тўхтатишиҳақида эълон қилган. Москва бу танаффус билан сулҳ шартномасида иштирок этаётган исёнчиларга Ал-Қоиданинг Суриядаги қаноти бўлмиш Жабҳатан-Нусра билан алоқаларни узиш имконини беришни истаганини билдирган. Айни пайтда Россия расмийлари бу танаффус қанча давом этишига аниқлик киритмаганлар.