Чеченистон суди “Луркоморье” сайтининг Ислом тўғрисидаги мақоласини тақиқлаб қўйди

Роскомнадзор “Луркоморье” Интернет-энциклопедиясининг Ислом тўғрисидаги мақоласини тақиқланган материаллар рўйхатига киритди ва сайт раҳбариятига мазкур мақолани олиб ташлаш тўғрисидаги хабарнома юборди. Бу ҳақда сайт асосчиси Дмитрий Хомак Фейсбукдаги саҳифасида хабар қилди.

Айтилишича, мақолани тақиқлаш тўғрисида Грозний шаҳар, Ленин район суди қарор чиқарган. Суд фикрича, мақолада мусулмонларнинг эътиқодини таҳқирловчи унсурлар мавжуд.

Роскомнадзор шу пайтгача “Луркоморье” Интернет-энциклопедиясининг 20 га яқин мақоласини тақиқлаган.

2007 йили иш бошлаган, 2015 йилнинг 22 июнида маблағ етишмаслиги туфайли янги мақолаларни қўшиш тўхтатиб қўйилган сайтнинг сервери Амстердамда жойлашган.