Россияда миллионлаб доллар маблағ ўғирлаган хакерлар гуруҳи қўлга олинди

Россия расмийларига кўра, мамлакат банклари ва молиявий институтлари ҳисобидан 1 миллиард 700 миллион рубль (25 миллион доллардан кўпроқ) ўғирлаганликда гумонланган 50 хакердан иборат гуруҳ қўлга олинган.

Бу Россияда хакерларга қарши шу пайтгача амалга оширилган амалиётларнинг энг кўламлиси экани айтилмоқда.

“Гумонланувчилар тергов доирасида ўтказилган умуммиллий рейд чоғида ушланди”, дейилади Россия Федерал хавфсизлик хизматининг 1 июнь куни тарқатилган хабарномасида.

Тинтувлар чоғида кўплаб компьютерлар, алоқа воситалари, сохта банк карталари ва анчагина нақд пул мусодара этганлар.

ФХХ мазкур амалиётни ИИВ ва янги ташкил этилмиш Миллий гвардия бўлинмалари кўмагида амалга оширган.

Маълумотларга кўра, хакерлар киберҳужумлар уюштириш мақсадида вирус юқтирилган компьютерлар тармоғини яратиш учун зарарли дастурлардан фойдаланганлар.

Ҳодиса юзасидан Россия Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти мамлакат Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноий иш қўзғатган.