Туркия Германиядаги элчисини маслаҳатлашувга чақиртириб олди

Германия бундестаги.

Германия парламентининг қуйи палатаси Туркияда арманлар геноциди бўлгани тўғрисидаги резолюцияни қабул қилгани Анқара ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлди.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон мазкур резолюция “Германия ва Туркия ўртасидаги муносабатларга жиддий путур етказиши”дан огоҳлантирди.

Туркия резолюция қабул қилиниши ортидан Берлиндаги элчисини маслаҳатлашувлар учун чақиртириб олди, Германиянинг Анқарадаги элчиси эса Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.

Айни пайтда Арманистон ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандян Германия нафақат халқаро даражада арманлар геноцидини тан олиш ва қоралаш, балки геноцидларнинг ҳамда инсониятга қарши жиноятларнинг олдини олиш йўналишидаги кураш ҳаракатига ҳам катта ҳисса қўшганини билдирди.

2 июнь куни Германия бундестаги қабул қилган беш саҳифалик рамзий ҳужжатда Туркияда 1915-1916 йилларда 1¸5 миллионга яқин армани ва бошқа насронийларнинг қириб ташланишини геноцид сифатида хотирлаш лозимлиги айтилади.