Фаллужа яқинида 400 кишилик қабр топилди

Фаллужа шаҳри атрофида шу кунларда ИД ва ҳукумат кучлари ўртасида жанглар қизиган.

Ироқда ҳукумат қўшинлари “Исломий давлат” гуруҳи назорати остидаги Фаллужа шаҳри яқинида 400 чоғли одам кўмилмиш қабр топишган. Бу ҳақда маълум қилган ҳукуматдаги аноним манбаларга кўра, қабрдан топилганларнинг аксарияти экстремистлар томонидан қўлга олиниб, қатл этилган ҳарбийлардир.

Франс-пресс агентлиги манбаси мозор ҳудудни миналардан тозалаш чоғида топилганини билдирди. Унинг айтишича, қабрдан топилганлар орасида тинч аҳоли вакиллари ҳам бўлган.

Анбар вилоят мулозимларидан бирига кўра, тинч аҳоли вакиллари жосусликда гумонлангани ёки ИШИД тартиб-қоидаларини бузгани сабабли қатл этилган.

Ироқ қўшинлари АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция учоқлари дастагида Фаллужага ҳужумни икки ҳафта муқаддам бошлаган. Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда улар шаҳарнинг жанубий қисми устидан назорат ўрнатишга муваффақ бўлганлар.