Қозоғистон: Сенат раиси Ақтўбедаги ҳодисаларни теракт, дея баҳолади

Ақтўбеда 5 июнь куни олингани айтилаётган сурат (ижтимоий тармоқдан олинди).

Қозоғистон сенати раиси Қасимжўмарт Тўқаев Twitter микроблогидаги ўз саҳифасида Ақтўбеда содир бўлган воқеалар юзасидан шарҳ қолдирди.

“Муборак Рўза арафасида Ақтўбеда содир этилган террор хуружи бандитларнинг фавқулодда сурбетлиги ва шафқатсизлиги нишонасидир. Уларни жазолаш бўйича энг аёвсиз чоралар кўрилмоқда”, деб ёзади Тўқаев.

Ақтўбе вилоят ҳокими Бердибек Сапарбаев хотиржамликни сақлаш чақириғи билан минтақа аҳолисига мурожаат қилди. “Режа бўйича аксилтеррор амалиёти олиб борилмоқда. Сизни ишонтириб айтаманки, вазият тўлалигича назорат остида. Ҳозир пайтда вазият барқарор”, дея иқтибос келтиради вилоят ҳокими сўзларидан “Ақтўбе ақпарат” хабар маркази.

5 июнь куни Ақтўбеда номаълум шахслар Миллий гвардия ҳарбий қисми ва қурол-аслаҳа дўконларига қуролли ҳужум уюштирганлар. Воқеа чоғида қурбон бўлганлар ва яраланганлар бор. Ҳозирда дўкон сотувчиси, бир зобит ва бир аскар ўлгани айтилмоқда. Яраланганларнинг аксарияти ҳарбийлардир. Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, махсус амалиёт чоғида ҳужумчилардан тўрт киши ўлдирилган, икки нафари ярадор қилинган, етти киши қўлга олинган, бошқа бир неча гумонланувчи эса яширинишга муваффақ бўлган.