Туркия: Истанбулнинг сайёҳлар гавжум мавзеида портлаш содир бўлди

Боязиддаги портлаш содир бўлган жой, Истанбул, 2016 йил 7 июни.

Истанбул шаҳрининг сайёҳлар гавжум Боязид мавзеида автобус бекати ёнида портлаш содир бўлди. CNN Turk телеканали портлашдан 14 киши жабрлангани ҳақида хабар қилади. Haberturk нашри эса ҳатто икки киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзди.

Гувоҳларга кўра, портлаш 7 июнь куни эрталаб бекат олдидан полиция автобуси ўтиб кетаётган пайтда содир бўлган. Автобус ўтаётган пайтда йўл четида турган ва ичига бомба ўрнатилган автомобиль портлатилгани айтилмоқда.

Портлаш учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким зиммасига олгани йўқ.

Туркияда сўнгги пайтларда расмийлар томонидан террор хуружи ўлароқ малакаланган қатор портлашлар содир бўлди. Анқара, Истанбул ва Диёрбакирда содир бўлган портлашлар шулар жумласидандир.

Турк расмийларига кўра, бу портлашлар асосан Курдистон ишчи партиясига мансуб радикаллар ёки “Исломий давлат” гуруҳи жангарилари томонидан амалга оширилган.