Эрдўғон депутатларни дахлсизликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон депутатлар дахлсизлигини бекор қилувчи қонунни имзолади.

Қонун амалдаги расмийларга мухолиф қарашда бўлган парламент аъзолари ва курдпараст депутатларнинг суд орқали таъқиб қилинишига йўл очади.

Қонун лойиҳаси Эрдўғон курдпараст Халқ демократик партияси вакилларини исёнчилар билан алоқадорликда айблаганидан кейин ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси томонидан киритилган. Туркия президенти бир неча бор уларни террорчилик айблови бўйича жиноий жавобгарликка тортишга чақирган.

Қонун лойиҳаси Германия ва Европа Иттифоқи расмийлари томонидан танқид қилинди. Лойиҳа мухолифатчи депутатлар тарафидан ҳам қораланди.

Халқ демократик партияси Туркияда истиқомат қиладиган курдлар ва бошқа миллий озчиликлар ҳақ-ҳуқуқини дастаклайди ҳамда тақиқланган Курдистон ишчи партиясининг сиёсий қаноти экани ҳақидаги иддаоларни рад этиб келади. 20 май кунги овоз бериш чоғида қонун лойиҳасини 550 нафар депутатдан 376 нафари қўллаган, бу эса референдум ўтказиш заруратини йўққа чиқарганди.