МДҲ бош вазирларининг Бишкекдаги мажлисида 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди

МДҲ бош вазирлари йиғилиши иштирокчилари, Бишкек, 2016 йил 7 июни.

МДҲ ҳукумат раҳбарларининг 7 июнь куни ўтказилган мажлиси якунларига кўра 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди.

Хусусан, ҳукуматлар тамсилчилари томонидан Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартномага аъзо давлатлар ўртасида давлат харидини тартибга солиш қоидалари ва процедуралари ҳақидаги баённома, Агробиохилма-хилликни сақлаш тўғрисидаги конвенция имзоланди, “Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар аҳолисининг саломатчилиги” стратегияси, Саратон касалликларига қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик концепцияси, 2016-2020 йилларда қандли диабет профилактикаси ва муолажаси бўйича ҳамкорлик дастури ҳамда Кимёвий саноат соҳасидаги ҳамкорлик концепцияси тасдиқланди.

Шунингдек, мажлис иштирокчилари МДҲга аъзо давлатлар электр энергетика объектларидаги авариялар бўйича ахборот алмашиш тўғрисидаги шартнома, электр энергетикаси соҳасидаги касбий таълим жабҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув, радиоактив манбаларни кўчириш бўйича МДҲ мамлакатлари информацион ҳамкорлиги тўғрисидаги битим ва бошқа ҳужжатларни имзолаганлар.

Йиғилиш қатнашчилари МДҲни замонавий шарт-шароитга мослаштириш масалалар бўйича конструктив мулоҳазалар билан ўртоқлашганлар.

МДҲ бош вазирларининг Бишкекдаги йиғилишида Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва Молдова ҳукуматларини бош вазирлар, Озарбайжон, Арманистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматларини эса бош вазир ўринбосарлари тамсил этдилар. Ўзбекистон делегациясига Бишкек сафарида бош вазирнинг биринчи муовини, молия вазири Рустам Азимов етакчилик қилди.