Туркман мухолифатчиси президент Бердимуҳаммедовдан истеъфога чиқишни сўради

Туркман мухолифатчиси Нурмуҳаммед Ханнамов.

Хорижда ташкил этилган Туркманистон Республика партияси раҳбари Нурмуҳаммед Ханнамов ўзи ва партиядошлари номидан президент Қурбонқули Бердимуҳаммедовни давлат бошқариш салоҳияти йўқлигини тан олиб, истеъфога кетишга чақирди.

Мухолифатчининг бу чақириғи ўрин олган очиқ хат куни кеча туркман мухолифатининг “Хроника Туркменистана” онлайн нашрида чоп қилинди.

Ханнамов иддаосича, Туркманистонни оғир аҳволдан қутқариш учун Бердимуҳаммедов ўз лавозимини имкон қадар тезроқ тарк этиши керак.

Мухолифатчи амалдаги президент барпо қилган “подшоҳлик”да ҳақиқат ва ҳақгўй учун жой йўқлигини урғулайди.

“У ерда фақат Сиз гапирасиз, қонунларни фақат Сиз қабул қиласиз, (бировни айблаш лозим бўлса,) фақат Сиз айблайсиз, қолганлар эса фақат Сизни мадҳ этишлари, пахта теришлари, мол боқишлари, экин-тикин билан машғул бўлишлари, нефть ва газ қазиб олишлари ҳамда Сизнинг кундалик ҳақоратларингизга чидаб, адолатсизлик гирдобида яшашлари лозим”, дейилади туркман мухолифатчисининг очиқ хатида.

Ханнамов Бердимуҳаммедовни ноқонуний бойлик орттирганликда, мамлакатни хонавайрон қилганликда, Ниёзов даврида бошланган бўҳронни кучайтирганликда айблайди.

Қурбонқули Бердимуҳаммедов тўнғич президент Сапармурод Ниёзов оламдан ўтган 2006 йилдан буён Туркманистонни бошқариб келади. Foreign Policy халқаро нашри Бердимуҳаммедовни жаҳондаги энг ёмон 23 диктатор қаторига киритган.