Россия, Сурия ва Эрон мудофаа вазирлари Теҳронда учрашди

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу (ч) Эрон мудофаа вазири Ҳусайн Деҳқон (ў) билан.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 9 июнь куни Теҳронда Эрон ва Сурия мудофаа вазирлари билан учрашди.

Россия мудофаа вазири муовини Анатолий Антоновнинг билдиришича, уч томонлама музокаралар Сурияда “Исломий давлат” ва Ал-Қоидага алоқадор “Жабҳатан-Нусра”га қарши курашда уч мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Антоновга кўра, Россия мудофаа вазири Шойгу пайшанба куни суриялик ҳамкасби Фаҳд Жосим ал-Фориж ҳамда эронлик ҳамкасби Ҳусайн Деҳқон билан икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказган.

Музокаралардан сўнг Эрон мудофаа вазири ҳар уччала мамлакат “барча террор гуруҳлари”га қарши оғишмай кураш олиб бориш қарорида қатъий эканини таъкидлади. Ҳусайн Деҳқонга кўра, бу мақсадга мазкур гуруҳларни сиёсий дастакдан маҳрум қилиш ва уларга келаётган қурол-аслаҳанинг йўлини кесиш орқали эришиш мумкин.

АҚШ, Европа Иттифоқи ва Саудия етакчилигидаги араб давлатлари коалицияси томонидан мўътадил мухолифат гуруҳлари деб қаралувчи Суриядаги айрим фракциялар Москва, Теҳрон ва Дамашқ томонидан “террорчи гуруҳ” ўлароқ тамғаланган.

Эрон ва Россия Сурия президенти Башар Асаднинг асосий иттифоқчилари бўлиб ҳисобланади. Эрон Асад режимини дастаклаш учун Сурияга ҳарбий маслаҳатчиларини юборганини айтиб келади. Россия эса ўтган йил сентябридан бери беш йиллик урушда бой берилган ҳудудларни қайтариб олишда Асад қўшинларига ҳаводан дастак бериб келмоқда.