Россия президенти Путин келаси ҳафта Тошкентга сафар қилади

Россия президенти Владимир Путин 23-24 июн кунлари Тошкентда бўладиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида қатнашиш учун Ўзбекистонга сафар қилади.

Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати маълум қилди.

Жаноб Путин ташриф давомида ташкилотга аъзо мамлакат раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ўтказишни режалаштирган.

“2016 йилнинг 23-24 июнида Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Тошкентда бўлиб ўтадиган, Шанхай ҳамкорлиги ташкилотининг 15 йиллигига бағишланган Давлат раҳбарлари кенгашида қатнашади”, — дейилади хабарда.

Марказий Осиёнинг тўрт давлати, Россия ва Хитой аъзо бўлган ШХТ саммитида ташкилот сафини кенгайтириш ва халқаро майдонда унинг нуфузини ошириш масалалари кўтарилади.

Глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишда фикр алмашилади.