Истанбулда полиция куч ишлатиб гейлар намойишини тарқатди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида полиция кўздан ёш чиқарувчи газ ҳамда резина ўқларни қўллаб гей ва лесбиянлар намойишини тарқатди.

Хабарда айтилишича, Истанбул марказидаги намойишга юз элликдан ортиқроқ одам йиғилган. Мазкур намойишни ўтказишга Истанбул шаҳри ҳокимияти томонидан хавфсизлик нуқтаи назаридан рухсат берилмаган эди.

Истанбулда гей ва лесбиянлар намойишлари анъанавий тарзда 2003 йилдан бери ўтказиб келинади.

2015 йилда ҳам Истанбул полицияси гейлар намойишни кўздан ёш оқизувчи газ қўллаб тарқатиб юборган эди. Ўшанда Туркия ҳукумати бу тадбир Рамазон ойи бошланадиган кунда ўтказилгани учун ҳам шундай қилинганини билдирган.

Туркияда гомосексуализм жиноят ҳисобланмайди. Бироқ шунга қарамай жамиятда гомофобик кайфиятлар устунлик қилади.