Православ черковлари лидерлари 1200 йилда илк бор анжуманга йиғилди

Жаҳон патриархи Варфоломей.

Жаҳон православ черковлари лидерлари Россия ва яна уч черковнинг байкотига қарамай, 1200 йилда биринчи марта Муқаддас Буюк Кенгашга йиғилди.

Жаҳон патриархи Варфоломей 19 июнь куни бошланиб бир ҳафта давом этадиган анжуманнинг биринчи куни Грециянинг Крит оролида ибодат ўқиди.

“Бу Буюк ва Муқаддас кенгаш якдиллик муждаси бўлади”, деди патриарх Варфоломей матбуотга берган суҳбатида.

Православ черковлари лидерларининг анжуманига ўн йиллардан бери тайёргарлик кўриб келинганига қарамай, черковлар ўртасидаги келишмовчиликларга тўла барҳам берилгани йўқ. Шунинг учун Россия, Грузия, Болгария ва Сурия православ черковлари лидерлари Муқаддас Буюк Кенгаш йиғилишига байкот эълон қилди.