БМТ: Ўтган йили 65 миллион одам уйини ташлаб чиқди

Ўтган йили тўқнашувлар ва урушлар боис 65 миллиондан зиёд одам ўз уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Бу 2014 йилга нисбатан 6 миллионга кўпдир.

Бу ҳақда хабар қилган БМТнинг Қочкинлар иши бўйича агентлиги ҳисоб-китобича, 65 милиондан зиёд одамнинг учдан бири қочқинлар, қолган қисми эса мажбурликдан уй-жойидан кўчирилганлардир.

Агентликка кўра, бу рақамлар дунёдаги ҳар 113-одам қочқин эканини англатади.

Қочқинларнинг ярми Сурия, Афғонистон ва Сомалидан бўлганлардир.

Муҳожирлар асосан, Европа давлатлари, жумладан, Швеция ва Германиядан бошпана топаяпти.

20 июнь- Қочқинлар куни сифатида нишонланади. 2005 йилги Андижон қирғинидан сўнг қочқинга айланган ўзбекистонликлар сони ҳам кўпайган. Бироқ бугунги кунда неча нафар ўзбекистонлик қочқинга айлангани ҳақида аниқ рақамлар йўқ.