Бухорода Баҳоуддин Нақшбандий мажмуасига дохил минора бузиб ташланди

Бухородаги Баҳоуддин Нақшбандий мажмуаси.

Бухоронинг Когон туманида жойлашган Баҳоуддин Нақшбандий меъморий мажмуасига кирадиган Биби Орифа мажмуасининг бир қисми бўлмиш минора бузиб ташланди. Бу ҳақда хабар қилган “Новости Узбекистана” нашрига кўра, мутахассислар бу иш объектнинг ночор аҳволдалиги туфайли амалга оширилганини айтганлар. Шу сабабли минорани бутунлай бузиб ташлаб, унинг ўрнига худди аввалгисига ўхшаш минора тиклашга қарор қилинган.

Ҳозирда миноранинг анчагина қисми қайта тиклангани, иш битганидан сўнг минора баландлиги 13 метрга етиши айтилмоқда.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандийнинг волидаси Биби Орифа ёдгорлик мажмуаси 2012-2013 йилларда тўла таъмирланганди. Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова бош-қош бўлгани айтилган реставрация чоғида мажмуага кирувчи масжид, мақбара, ҳовуз ва бошқа хўжалик иншоотлари таъмирланган, бироқ минора қисман реставрация қилинганди.