Ливаннинг Сурияга ёндош қишлоғида бир неча худкуш ҳужум амалга оширилди

Ливанда портлаш содир бўлган жойлардан бири, 2016 йил 27 июни.

Ливаннинг Сурияга чегарадош қишлоғида камида уч худкуш ўзини портлатди. Бундан бир неча соат аввал шу каби ҳужум оқибатида 5 киши нобуд бўлгани, 15 киши яралангани хабар қилинганди.

Сўнгги ҳужумлар чоғида асосан насронийлар истиқомат қилувчи Ал-Қаъа қишлоғида кўплаб одам ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Франс-пресс агентлиги Ливан ҳарбийлари орасидаги манбаларига таянган ҳолда биринчи худкуш ўзини черков олдида портлатгани, қолган иккиси эса муниципалитет биносига ҳужум қилганини хабар қилади.

Ал-Қаъа мэри “Ливан овози” радиостанциясига ҳалок бўлганларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари бўлгани, яраланганларнинг уч нафари ҳарбийлар эканини маълум қилган.

Сурияда беш йилдан буён давом этаётган фуқаролар уруши чоғида Ливан кўп марта ҳужум нишонига айланган. Бунга Ливандаги шиаларнинг “Ҳизбуллоҳ” қуролли гуруҳи президент Башар Асадни дастаклаётгани сабаб ўлароқ кўрилган.