Ироқда эронлик диссидентлар лагери ўққа тутилди

Бағдод аэропорти яқинидаги эронлик диссидентлар лагери.

Бағдод аэропорти яқинида жойлашган эронлик диссидентлар лагери ўққа тутилиши натижасида бир неча киши жароҳатланди.

Мазкур лагерда учинчи давлатга кўчирилишини кутаётган мухолифатдаги Эрон халқи мужоҳидлари ташкилоти аъзолари истиқомат қилади.

Бағдод расмийларига кўра, пойтахт ғарбидан шаҳарга қарата 20 га яқин ракета отилган, ракеталарнинг айримлари нишонга етмай қулаган, натижада ироқлик тинч аҳоли вакиллари жабрланган.

Эронлик диссидентлар бу ҳужумда Теҳрон ҳукумати билан боғлиқ жангариларни айбламоқда.

Ўтган асрнинг 80-йилларидаги Эрон-Ироқ урушида бу ташкилот вакиллари Ироқ президенти Саддам Ҳусайнга иттифоқдош бўлишган, бироқ 2003 йили АҚШ ҳарбий аралашуви туфайли Саддам режими қулатилганидан кейин қувғинга учраганлар. Ўшандан буён уларнинг лагери бир неча бор ўққа тутилган. Ўтган йилнинг октябрь ойида лагерга қилинган ҳужум туфайли камида 26 киши ҳалок бўлганди.