Мухолифат намойишидан сўнг Абхазия ички ишлар вазири истеъфога чиқарилди

Абхазия мухторияти ички ишлар вазири Леонид Дзапша 5 июль куни юзлаб одам йиғилган норозилик намойишидан сўнг истеъфога чиқарилди.

Грузиянинг исёнчи Абхазия мухторияти ички ишлар вазири Леонид Дзапша 5 июль куни юзлаб одам йиғилган норозилик намойишидан сўнг истеъфога чиқарилди. Бу ҳақдаги фармонни Абхазия раҳбари Рауль Ҳажимба имзолади.

5 июль куни мухолифатчилар томонидан уюштирилган намойиш иштирокчилари Ички ишлар вазирлиги эшикларини синдириб, бинога бостириб киришга ҳаракат қилган эди. Мухолифатчилар ички ишлар вазири Леонид Дзапшани “Россиянинг Абхазиядаги қўли” сифатида айблаб келган.

Абхазияда 10 июль куни мухолифат ташаббуси билан муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш масаласида референдум ўтказилади. Мухолифат Абхазия раҳбарияти референдум бўлиб ўтмаслиги учун ҳаракат қилаётганликда айблаб, овоз беришни кузда ўтказишга чақирмоқда. Ҳажимба эса референдум муддатини ўзгартиришдан бош тортмоқда.

Грузиянинг айримачи ўлкаси ҳисобланадиган Абхазия мустақиллигини 2008 йилда Россия, Никарагуа, Венесуэла ва Науру тан олган.