Тожикистон ТИВ: тожикистонликларнинг Истанбулдаги портлашларга алоқадорлиги текширилмоқда

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги 28 июнь куни Истанбулнинг Отатурк аэропортида амалга оширилган террор ҳужумларига алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинганлар орасида тожикистонликлар борлигига оид хабарларни текширмоқда.

Бу ҳақда вазирликка таяниб, ca-news агентлиги хабар қилди.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон Истанбулдаги Отатурк аэропортида содир этилган портлашларга Доғистон, Қирғизистон ва Тожикистон гражданлари алоқадор экани тўғрисида сешанба куни баёнот берди.

Рамазон ҳайити муносабати билан Истанбулдаги масжидлардан бирида ҳайит намозини ўқиган Эрдўғон журналистлар билан суҳбат пайтида Отатурк аэропортида 28 июнь куни содир этилган портлашларга алоқадорликда айбланиб 30 киши қамоққа олинганини билдирди. Унга кўра, гумонланувчилар орасида доғистонликлар, қирғизистонликлар ва тожикистонликлар бор.

Эрдўғон портлашлар “Исломий давлат” гуруҳи томонидан амалга оширилганини яна бир бор тасдиқлади.

Аввалроқ матбуотда Истанбулда 40дан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган портлашларни Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон гражданлари амалга оширгани тўғрисидаги таҳминлар айтилган эди.

Истанбул аэропортида худкушлар томонидан содир этилган портлашларда 2 ўзбекистонлик ҳалок бўлган, 4 ўзбекистонлик эса яраланган.