Озарбайжон, Туркия, Эрон, Қозоғистон ва Қирғизистон ЮНЕСКОга норозилик билдирди

Озарбайжонда ЮНЕСКО қарорига норозилик билдирилган баннерда "Лаваш туркийларнинг умумий меросидир", деб ёзилган.

Озарбайжон, Туркия, Эрон, Қозоғистон ва Қирғизистон ЮНЕСКОнинг “Арманистондаги лаваш” деб номланган ҳужжатига норозилик билдирди.

АПА агентлигининг Туркияда нашр этиладиган “Vatan” газетасига таяниб хабар беришича, номи айтиб ўтилган беш давлат ЮНЕСКО лавашни Арманистоннинг моддий бўлмаган маданий меъроси сифатида тан олганига қарши норозилик мактуби жўнатган.

Мактубда “Юпқа нон пишириш санъати турли давлатларда лаваш, қотирма, юпқа, кофка деб аталади”, дейилган. Озарбайжон, Туркия, Эрон, Қозоғистон ва Қирғизистон лаваш бу мамлакатларнинг ҳам маданий мероси эканини ёзган.

ЮНЕСКО мазкур норозилик мактуби Эфиопияда 28 ноябрдан 2 декабргача ўтадиган ҳукуматлараро йиғинида муҳокама қилинишини билдирди.

2014 йилда ЮНЕСКО лаваш арман нони сифатида тан олинган ҳужжатни эълон қилган, бироқ бунга Озарбайжон ва Туркия қарши чиққанидан сўнг ҳужжат номини “Арманистондаги лаваш”, деб ўзгартирган эди.