"Ислом давлати" Ниццадаги террор ҳужуми учун масъулиятни ўз зиммасига олди

Террорчи бошқарган юк машинаси 84 кишини, шу жумладан 10 болани босиб ўлдирди.

Франциянинг Ницца шаҳрида амалга оширилган террористик ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” террор гуруҳи ўз зиммасига олди, деб хабар қилди Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги.

Франция полицияси 84 кишининг ўлимига сабаб бўлган террор ҳужумига алоқадорликда гумон қилиб 4 кишини қўлга олди.

Ассошиэйтед Прессга кўра, 14 июль – Франциянинг бош байрами – Бастилия кунида Ниццанинг Англия соҳили деб аталадиган қисмида сайр қилиб юрган одамлар устига юк машинасини ҳайдаб, уларни уриб, бостирган ҳайдовчининг алоҳида яшайдиган хотини ҳам полиция қўлида.

Икки чақиримгача йўлни босар экан, террорчи бошқарган юк машинаси 84 кишини, шу жумладан 10 болани босиб ўлдирган. 200 дан ортиқ киши, шу жумладан қарийб 50 бола тан жароҳати олган.

Вазни 19 тонналик юк машинасини асли тунислик Франция фуқароси Муҳаммад Лаҳуаеж Булел (Mohamed Lahouaiej Bouhlel) бошқаргани хабар қилинди. У отишма чоғида отиб ўлдирилган. Айтилишича¸ бу шахс анчадан бери майда жиноятлар учун полиция рўйхатида бўлган¸ бироқ унинг радикал диний оқимларга мансублиги ҳақида хавфсизлик хизматларида маълумот бўлмаган. Эндиликда полиция бу қадар қонли ҳужум ортидаги мотивларни ўрганишга ҳаракат қилмоқда.

Ниццадаги террор муносабати билан Францияда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Президент Франсуа Олланд бу сўнгги 18 ой ичида Франция ерида амалга оширилган “учинчи террор хуружи” эканини айта туриб¸ ўтган йил ноябрида Парижда содир этилган террор ҳужумларидан сўнг жорий этилган фавқулодда вазият муддатини яна узайтириш ҳақида буйруқ берди.