“Ўзбекнаво” анжуманида хонанда Шаҳзоданинг қўшиғи танқид қилинди

Эстрада хонандаси Шаҳзода (Зилола Мусаева).

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан ўтган ҳафта Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида хонанда Шаҳзоданинг “Ўзбегим” қўшиғи танқид қилинди.

- ТВда таниқли хонандалардан бири “25 ёшдасан ўзбегим”, деб қўшиқ куйлаб чиқяпти. Бу шеъриятни тушунмаслик, шоирликдан бехабарлик, менимча. Қандай қилиб ўзбек миллатини “25 ёшдасан” дейиш мумкин. Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил тўлди, ўзбек миллатига эмас, - деди мазкур анжуман иштирокчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмов.

Қаюмовга кўра, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун “Ўзбекнаво”нинг қошида бадиий кенгаш тузилиши, тажрибали шоир ва ёзувчилар, хонанда ва созандалардан иборат аъзолар қўшиқларнинг ҳар бирини синчковлик билан таҳлил қилгач, эфирга берилиши керак.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, хонанда Шуҳрат Қаюмовнинг бу фикрлари матбуот анжуманида иштирок этганларнинг кўпчилиги томонидан маъқулланган.

Эстрада хонандаси Шаҳзоданинг (Зилола Мусаева) Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб куйланган “Ўзбегим” қўшиғи матни Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Иқбол Мирзо қаламига мансуб.