Олмаотадаги отишмада уч киши ўлди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Абилай хан ва Қазибек би кўчалари кесишган жойда содир бўлган отишмада уч киши ҳалок бўлди. Интерфакс агентлиги хабарига кўра, ўлганларнинг икки нафари полиция ходимидир.

“Абилай хан ва Қазибек би кўчалари кесилишида уч жасад ётибди, иккиси полиция кийимида, биттаси фуқаровий кийимда. Полиция кийимидаги яна икки киши яраланган”, дея иқтибос келтиради Интерфакс воқеа гувоҳи сўзларидан.

Аввалроқ Олмаота полицияси шаҳарда аксилтеррор амалиёти ўтказилиши ҳақида эълон қилган, шаҳарликлардан хушёр бўлиш сўралган.

Аввалроқ Қозоғистон маҳаллий нашрлари эрталабки соат 10.30 атрофида Алмали туман ички ишлар бошқармаси биноси ва Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Олмаота департаменти биноси яқинида ўқ овозлари эшитилгани ҳақида хабар қилгандилар. Айрим маълумотларга кўра, полиция билан отишмага киришган шахс ноанъанавий диний оқимга мансуб кишидир.