Олмаотада террористик хавфнинг “қизил” даражаси эълон қилинди

Алмати шаҳри, 18 июль кунги вазият

Бу ҳақда Озодлик радиоси қозоқ хизмати шаҳар ички ишлар департаментига таяниб хабар қилди.

Департамент террор хавфининг энг юқори даражаси – “қизил” даражани 18 июль маҳаллий вақт билан соат 12. 20 да эълон қилди.

Ички ишлар департаменти тарқатган маълумотномада Олмаота шаҳрида “акситеррор амалиёти” ўтказилаётгани хабар қилинган. Аҳолидан уй-жойларни тарк этмаслик, кўпчилик тўпланадиган жойларга бормаслик ҳамда шубҳали кишилар тўғрисида хабар қилиш сўралган.

Олдинроқ Олмаота шаҳридаги Абилай хан ва Қазибек би кўчалари кесишган жойда содир бўлган отишмада уч киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Интерфакс агентлиги хабарига кўра, ўлганларнинг икки нафари полиция ходимидир.

“Абилай хан ва Қазибек би кўчалари кесилишида уч жасад ётибди, иккиси полиция кийимида, биттаси фуқаровий кийимда. Полиция кийимидаги яна икки киши яраланган”, дея иқтибос келтиради Интерфакс воқеа гувоҳи сўзларидан.

Аввалроқ Олмаота полицияси шаҳарда аксилтеррор амалиёти ўтказилиши ҳақида эълон қилган, шаҳарликлардан хушёр бўлиш сўралган.

Аввалроқ Қозоғистон маҳаллий нашрлари эрталабки соат 10.30 атрофида Алмали туман ички ишлар бошқармаси биноси ва Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Олмаота департаменти биноси яқинида ўқ овозлари эшитилгани ҳақида хабар қилгандилар. Айрим маълумотларга кўра, полиция билан отишмага киришган шахс ноанъанавий диний оқимга мансуб кишидир.